Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилади

preview

Президентнинг 2019 йил 23 майдаги Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

Қарор билан:

  • 2019-2025 йилларда маҳаллий хомашё геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хомашё базасини кенгайтириш прогноз кўрсаткичлари;
  • 2019-2025 йилларда диверсификация қилиш ва маҳсулот турларини кенгайтириш ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Мазкур кўрсаткичлар доирасида оҳактошни қайта ишлаш  13,1 млн тоннага, гипс тошини қайта ишлаш  – 1,8 млн тоннага, тош-шағал материалларини қайта ишлаш  – 5,6 млн метр кубга оширилиши кўзланмоқда.

Шунингдек, обойлар ишлаб чиқариш ҳажмларини  47 баробардан ортиқ ҳажмга, базальтдан тайёрланадиган композит арматура бўйича – 3 баробарга ва цемент бўйича – 2 баробарга ошириш назарда тутилаётир.

2019 йил 1 июлдан бошлаб:

  • маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинаётган маҳсулотини сертификатлаштириш бўйича харажатлари Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади;
  • тадбиркорлик субъектларининг солиққа тортиш базаси беш йил давомида тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига камайтирилади;
  • техноген минерал ҳосилаларнинг тури ёки кўринишини тавсифловчи маълумотлар тадбиркорлик субъектларига бепул тақдим этилади.

Қурилиш материаллари саноати соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун 2019-2021 йилларда халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг 500 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит линиялари жалб қилинади ва фойдаланилади.

 

Лола Абдуазимова.