Солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборотлар мавжуд бўлганда ҚҚС қандай ҳисобланади

preview

Солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборотлар мавжуд бўлганда қуйидаги ҚҚС суммалари ҳисобга олинади  (СК 221-моддаси):

  • солиқ солинадиган оборотга, шу жумладан ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборотга тўғри келадиган;
  • солиқ тўловчининг ўз эҳтиёжлари учун сотиб олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ва фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириладиган харажатлар сифатида қараладиган оборотга тўғри келадиган (СК 219-моддаси 6-банди).

Солиқ солинмайдиган оборот учун фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича етказиб берувчиларга ва импорт бўйича тўланиши лозим бўлган ҚҚС (кейинги ўринларда - «кирувчи» ҚҚС) ҳисобга олинмайди, балки ушбу товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қийматида ҳисобга олинади.

Қуйидагилар товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича солиқ солинмайдиган оборот ҳисобланади (СК 200-моддаси):

Солиқ тўловчи бир вақтнинг ўзида солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборотларни амалга оширса, «кирувчи» ҚҚСни тақсимлаш лозим.

Солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборот мавжуд бўлганда, ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини қуйидаги икки усул билан аниқлаш мумкин (СК 221-моддаси):

  • мутаносиб;
  • алоҳида-алоҳида.

Ҳисобга олинадиган ҚҚСни аниқлашнинг танланган усули ҳисоб сиёсатида акс эттирилади ва календарь йил давомида ўзгартирилмайди.

«Кирувчи» ҚҚСни тақсимлашнинг мутаносиб усулини қўллаш 

Олинган товарлар (ишлар, хизматлар) ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган оборотларда қандай ҳажмда фойдаланилишини аниқлашнинг имкони бўлмаса, «кирувчи» ҚҚСни тақсимлашнинг мутаносиб усули қўлланилади.

Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси умумий оборот суммасидаги солиқ, шу жумладан ноль даражали ставка бўйича солинадиган оборотлар салмоғидан келиб чиқиб, мутаносиб усул бўйича аниқланади. 

Мисол. 20%лик ставка бўйича ҚҚС тўлайдиган қурилиш корхонаси ҳисобот ойида қуйидаги ишларни бажарди:

  • қурилиш-монтаж ишлари – ҚҚС солинадиган;
  • аҳоли томонидан ХУМШ орқали ҳақ тўланадиган уй-жой фондини таъмирлаш ишлари  – ҚҚС солинмайдиган (СК 208-моддаси 24-банди);
  • Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар учун қурилиш ишлари (ТИВ томонидан тасдиқланган рўйхатга киради), – ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган (СК 214-моддаси). 

Корхона ҳисобот даврида турли объектлар қурилишида ишлатиладиган, ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган 60 000 минг сўмлик қурилиш материалларини сотиб олди, шу жумладан ҚҚС – 10 000 минг сўм.

Мазкур ой учун реализация қилишдан умумий соф тушум 120 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

  • 36 000 минг сўм – солиқ солинмайдиган оборот;
  • 30 000 минг сўм – 20%лик ставка бўйича ҚҚС солинадиган оборот. У бўйича 6 000 минг сўм (30 000 х 20%) миқдорида ҚҚС ҳисобланди;
  • 54 000 минг сўм – ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган оборот. У бўйича ҚҚС ҳисобланмаган (54 000 х 0% = 0).

Корхона ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш учун мутаносиб усулни қўллайди.

ҚҚС, шу жумладан ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган оборот улуши 70%ни  ((30 000 + 54 000) / 120 000 х 100) ташкил қилди. Бинобарин, корхона 7 000 минг сўмга (10 000 х 70%) сотиб олинган материалларни ҳисобга олиши мумкин.

«Кирувчи» ҚҚСни тақсимлашнинг алоҳида-алоҳида усулини қўллаш

Сотиб олинган товарлар (ишлар, хизматлар) қайси – солиқ солинадиган ёки солинмайдиган оборот учун фойдаланилишини олдиндан аниқлашнинг имкони бўлмаса, алоҳида-алоҳида усулни қўллаш мумкин. Солиқ солинадиган оборот учун фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва улар бўйича ҚҚС суммаси солиқ солинмайдиган оборот учун фойдаланиладиганларидан алоҳида ҳисобга олинади.

Мисол. ҚҚСни 20%лик ставка бўйича тўлайдиган корхона ҚҚСдан озод қилинган китоб маҳсулотларини (СК 208-моддаси 19-банди) ҳамда ҚҚС солинадиган реклама буклетларини ишлаб чиқаради.

Ҳисобот ойида ишлаб чиқариш учун 27 000 минг сўмлик, шу жумладан ҚҚС – 4 500 минг сўм, материаллар сотиб олинди. 18 000 минг сўмлик, шу жумладан ҚҚС – 3 000 минг сўм, материаллардан китоб маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун, қолган 9 000 минг сўмлик, шу жумладан ҚҚС  – 1 500 минг сўм, материаллардан буклетларни ишлаб чиқариш учун фойдаланилди.

Корхона ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлаш учун алоҳида-алоҳида усулни қўллайди. Солиқ солинадиган оборот – реклама буклетларини реализация қилиш учун фойдаланилган материаллар бўйича 1 500 минг сўм ҳисобга олинади.

Бунда тақсимлаб ва солиқ солинадиган ёки солиқ солинмайдиган оборотларга киритиб бўлмайдиган умумий харажатлар бўйича «кирувчи» ҚҚС мутаносиб усулда тақсимланади.

Дилшод Султонов, Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари.