Агар “касаллик варақаси” учун ортиқча пул тўланса, нима қилиш керак

preview

Аудиторлик текшируви чоғида бухгалтерия айрим ходимларга нафақани ўртача иш ҳақининг 100% миқдорида тўлаб, “касаллик варақаси” учун ортиқча тўловни амалга оширганлиги аниқланди. Бундай вазиятда бош бухгалтер қандай йўл тутиши лозимлигини “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтирди:

 

– Касаллик ва болани парваришлаш бўйича вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси (касаллик варақаси) жисмоний шахснинг бошқа даромадларига киради .

Касаллик варақаси бўйича тўловга ЖШДС солинади, имтиёзга эга эмас. Бироқ унга ижтимоий солиқ солинмайди, сабаби меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди .

Бунда фақат Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом нормаларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган тўловлар суммасини вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси деб ҳисоблаш мумкин. Белгиланган миқдордан ортиқ тўловлар бундай нафақа этиб ҳисобланмайди.

 

Нима қилиш керак

Агар тўловлар амалга оширилган бўлса, уларни “меҳнат лаёқатини вақтинча йўқотган ходимларга қўшимча тўлов” деб ҳисобланг . Бу - ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар .

Умумий ҳоллар учун нафақа тўлаш миқдорлари қуйидагиларни ташкил этади :

  • умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга - иш ҳақининг 80%и миқдорида;
  • умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 60%и миқдорида.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:

  • умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга - иш ҳақининг 100%и миқдорида;
  • умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 80%и миқдорида;
  • умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 60%и миқдорида.
Эътибор беринг

Шунингдек, қуйидагиларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш ҳақининг 100%и миқдорида тўланади :

  • коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган 14 ёшгача бўлган боласи бўлган ота-оналарга;
  • ушбу ота-оналарнинг боласини парвариш қилаётган шахсларга;
  • ишлаётган 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;
  • байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;
  • қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган 3 ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;
  • меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга .
Мисол
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича нафақа ҳисоб-китоби
Ходимнинг маоши ойига 1 000 000 сўмни ташкил этади, мукофот ва қўшимча тўловлар - йўқ. Ходим тўлиқ ой  мобайнида “одатдаги касаллик таътили”да бўлган (1136-сон Низомнинг 27-бандига ва ПФ-5969-сон Фармоннинг 16-бандига тааллуқли бўлмаган). Меҳнат дафтарчаси бўйича умумий меҳнат стажи - 20 йил.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси =

1 000 000 х 80% = 800 000 сўм.

Агар тўлов 800 000 сўмдан ошса, ошган суммага ЖШДСдан ташқари, ижтимоий солиқ ҳам солинади.

Эслатиб ўтамиз
Одатда “касаллик таътили” деб номланадиган ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходиманинг жами даромадига киритилмайди . Тегишинча, уларга ҳеч қандай солиқ солинмайди ва ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботида акс эттирилмайди.

 

Хулоса

Агар “касаллик варақаси” бўйича ортиқча тўлаган бўлсангиз - ортиқча тўлов суммасига қўшимча ижтимоий солиқ ҳисобланг, уни пеняни ҳисобга олган ҳолда бюджетга тўланг ва хатога йўл қўйилган пайтдан бошлаб ҳисобот йили тугагунга қадар бўлган барча даврлар учун ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботни қайта топширинг.