ЖК ва МЖТКга ўзгартиришлар: сифатсиз товар ёки хизмат учун жавобгарлик ва янги жарималар

preview

Президент томонидан 15.11.2023 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-878-сон Қонун имзоланди. Ҳужжат эълон қилинганидан кейин 3 ойдан сўнг – 2024 йил 17 февралдан кучга киради.

 

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Сифатсиз товарлар, хизматлар ва ишлар учун жиноий жавобгарлик

Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёхуд ўтказганлик, ишларни бажарганлик ёки хизматларни кўрсатганлик учун 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Илгари фақат жарима, мажбурий жамоат ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган эди. 

Ушбу ҳаракатлар баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса ёхуд:

  • жуда кўп миқдорда;
  • бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
  • такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. 

Худди шу ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади. Илгари бу муддат – 3 йилдан 7 йилгача бўлган.

Агар ушбу ҳаракатлар одамлар ўлимига ёки бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади. Илгари 7 йилдан 10 йилгача бўлган. 

Бундан ташқари, этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.

Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёхуд ишлаб чиқаришга ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик қилиш 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда янги жарималар

Қонун билан МЖТКга киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ санитария ва ветеринария нормаларини бузганлик учун жавобгарлик оширилмоқда:

  • санитария қонунчилигини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади. Илгари тегишинча БҲМнинг 1 дан 3 бараваригача ва 5 дан 10 бараваригача);
  • ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик, эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик учун   фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима белгиланмоқда. Илгари БҲМнинг 0,5 бараваригача ва БҲМнинг 0,5 бараваридан 2 бараваригача; 
  • ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланганда чекловчи тадбирлар (карантин) қоидаларини бузиш, шунингдек ҳайвонларнинг бир вақтнинг ўзида оммавий касалланиши ёки тўсатдан нобуд бўлганлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат ветеринария назорати органларидан яшириш, уларга хабар бермаслик учун БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима назарда тутилган;
  • ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг хавфсизлиги нормаларини ҳамда уларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш қоидаларини бузиш учун ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилган ҳолда, БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланган. 

Шунингдек, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жарима миқдорлари оширилди.

 

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартибидаги ўзгартиришлар

Жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса лицензия ва рухсат берувчи ҳужжат бекор қилинади.

Пиво (пиво ичимликлари) билан улгуржи савдо қилишга, шунингдек тамаки маҳсулотлари билан чакана ва улгуржи савдо қилишга доир фаолиятни амалга ошириш учун хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.

 

Ғиждувон кабобини давлат ҳимоя қилади

Фуқаролик кодексига географик кўрсаткичлар ҳам интеллектуал мулк объектлари ҳисобланиши тўғрисидаги норма киритилмоқда.

Маълумот учун

Товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади 2022 йил 3 мартда “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги ЎРҚ-757-сон Қонун қабул қилинган.

Адлия вазирлиги томонидан “Зомин тандир гўшти”, “Марғилон адраси”, “Марғилон атласи”, “Қўқон пичоқлари” ва “Ғиждувон шашлик” каби географик кўрсаткичлар мамлакатимизнинг интеллектуал мулк объектлари сифатида рўйхатдан ўтказилган.