Давлат мулкини сотиш ёки ижарага бериш учун аукционлар ҳақида олдиндан билиш мумкин

preview

Барча давлат мулки объектларини савдога чиқариш, аукционлар ва уларнинг натижалари тўғрисида ахборот жойлаштириладиган Портал яратилади. Ушбу тизим солиқ органларининг ахборот тизимига интеграция қилинади.

ВМнинг Портални ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги 2023 йил 28 октябрдаги 572-сон қарори қабул қилинди.

 

Янгиликларни тезкор тарзда ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Порталдан фойдаланиш бепул амалга оширилади. Давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотларни порталга жойлаштирмасдан, савдога чиқаришга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ва ташкилотлар порталга савдога қўйиладиган давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотларни аукцион ўтказилишидан камида 10 кун олдин тақдим этади. Бунда объектнинг умумий тавсифи, қиймати, савдони ўтказиш механизми, шартлари ва бошқалар тақдим этилади.

Савдолар натижалари тўғрисидаги ахборот у эълон қилинган кундан бошлаб 5 кун ичида эълон қилинади. Ғолиб ҳақидаги маълумотлар, объектнинг реализация қиймати ва бошқалар маълумотлар ҳақида билиб олиш мумкин бўлади.

ВМҚ билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш порталида эълон қилинадиган ахборотлар рўйхати.

Хусусан, унга давлат акция пакетларини, улушларини, кўчмас мулк объектларини, давлат иштирокидаги корхоналарнинг асосий воситаларини, давлат ташкилотларининг транспорт воситаларини, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини сотиш тўғрисидаги ахборот киритилган.

Нафақат давлат мулки объектларини сотиш, балки уларни ижарага бериш, давлат-хусусий шериклик асосида бериш тўғрисидаги ахборот ҳам эълон қилинади.

Шунингдек – ҳуқуқларни бериш, масалан, тадбиркорлик субъектларига чиқиндилар полигонларини бериш ва маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бериш, реклама конструкцияларини ўрнатиш, дарёлар ўзанларини тозалаш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги ахборот эълон қилинади. Рўйхатда жами 22 та банд мавжуд;

  • Давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш порталига ахборот тизимлари интеграция қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати.

Портал фаолияти Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади, “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ портал фаолиятини ташкил қилиш ва юритиш бўйича оператор ҳисобланади.

 

Манба.