ҚҚСсиз сотилган дори воситаларини қайтаришда ҚҚСга тузатиш киритиш юзага келса, нима қилиш керак

preview

“2024 йил 1 апрелга қадар дори воситаларига ҚҚС солинмаган. Нима учун ҳозир биз ушбу давр учун қайтаришга доир ҳисобварақ-фактура расмийлаштираётган чоғимизда ҚҚСга тузатиш киритиш юзага келмоқда. Ахир имтиёз бўлганлиги боис биз уни тўламаганмиз. Солиштириш далолатномаси бўйича дорихонада қарз айнан ҚҚС суммасига камаяди. Агар биз ҚҚСни тўламаган бўлсак, қандай тузатиш киритиш ҳақида гап бормоқда?”

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Сиз ҳақсиз, агар Солиқ кодекси қоидаларига риоя қилинса, сизда ҳеч қандай тузатиш киритиш бўлмаслиги лозим, сабаби 1 апрелга қадар сизнинг товарингизга нисбатан ҚҚСдан озод қилиш бўйича имтиёз татбиқ этилган.

Аммо солиқ маъмуриятчилигида, шу жумладан ҚҚС маъмуриятчилигида бизда автоматлаштириш фаол қўлланилмоқда. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб дастур дори воситалари 12 фоиз ставка бўйича ҚҚС солинадиган товар сифатида аниқланадиган тарзда созланган. Формулада СКнинг 257-моддасига мувофиқ кафолатсиз товарни қайтариш факти бўйича тузатиш киритиш бир йиллик муддат доирасида амалга оширилиши мумкинлиги инобатга олинмаган. Бу, ҳаёт кўрсатганидек, унинг мобайнида солиқ солиш қоидалари ўзгариши мумкин бўлган анча катта муддат. Ва дастур бундай ҳолатларни ҳисобга олмайди.

Дастур ҚҚС тўланмаган товарнинг қайтарилишидан ҚҚСни ҳисоблаб чиқаради. Шундан сиз айтаётган тузатиш киритиш юзага келади, бироқ қонунга биноан, яна бир бор таъкидлайман, у бўлиши керак эмас.

Дастур туфайли бюджет зарар кўриши маълум бўлади. Вазият Солиқ қўмитасининг эътиборини талаб қилади. Мутахассислар ҳисоб-китоблар Солиқ кодекси меъёрларига мувофиқ амалга оширилиши учун дастурни қайта созлашлари лозим.

Бундай муаммога дуч келган солиқ тўловчиларга Солиқ қўмитасига хат йўллаб, унда муаммони баён этишни тавсия қиламан. Бу муаммонинг тезроқ ҳал қилинишига кўмаклашади.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади