Доимий муассаса солиқ хавфи юқори бўлган гуруҳга тушмаслик учун нима қилиши керак

preview

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом авваламбор Ўзбекистон юридик шахслари учун ишлаб чиқилган. Низомда чет эллик юридик шахслар доимий муассасаларининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинган ёки олинмаганлиги ҳақида солиқ маслаҳатчиси, «Tax Consensus» СМТ директори Иродахон АББОСХОНОВА гапириб берди:

 

– «Солиқ тўловчи солиқ хавфи юқори бўлган гуруҳга киритилган тақдирда, солиқ органи махсус рўйхатдан ўтказишни рад этади . Бунинг учун эса белгиланган мезонларнинг лоақал биттаси аниқланишининг ўзи етарли бўлади . Хусусан, қуйидаги ҳолатлар аниқланганда махсус рўйхатдан ўтказиш рад этилади:

  • солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганда,
  • таъсисчи (иштирокчиси) тўғрисида маълумотлар солиқ органининг маълумотлар базасида мавжуд бўлмаганда,
  • ўз кўчмас мулки (ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулки) бўлмаганда ва ҳ.к.

Тушунтиришларга кўра, ДСҚ бундай ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизим ёрдамида амалга оширишни режалаштирмоқда.

Солиқ хавфи мезонлари барча ҚҚС тўловчиларга нисбатан қўлланилади. Бироқ улар Солиқ кодексининг нормаларига зид келиши туфайли доимий муассасаларга нисбатан қўллаш бироз мушкулроқ бўлади.

СКнинг 130-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахс ҳисобга туриши ҳамда бунинг учун ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

1) норезидент бўлган юридик шахс ўзи таъсис этилган мамлакатда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни;

2) махсус рухсат берувчи ҳужжатлар ёки лицензияларни (улар мавжуд бўлган тақдирда);

3) норезидент бўлган юридик шахс номидан Ўзбекистон Республикасида ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончномани ёки бошқа ҳужжатни (улар мавжуд бўлган тақдирда);

4) ижро этилиши доимий муассаса ташкил этилишига олиб келадиган шартномани (мавжуд бўлган тақдирда).

СКга мувофиқ доимий муассаса солиқ тўловчининг алоҳида институти ҳисобланади, у Ўзбекистонда фақат солиқ органларида рўйхатдан ўтказилади ва Давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилмайди .

Шунингдек СКнинг ушбу нормасига кўра доимий муассаса:

  • Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилган манзилга эга бўлмайди;
  • муассислар (иштирокчилар) тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмайди ҳамда ушбу сабабларга кўра бундай маълумотлар солиқ органларининг маълумотлар базасида мавжуд бўлмайди.

ДМни солиқ хавфи юқори бўлган гуруҳга киритиш ва ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун ушбу мезонларнинг ўзи етарли бўлади.

Солиқ органлари жойига чиққан ҳолда солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда ҳақиқатда жойлашганлигини ҳамда таъсисчилари (иштирокчилари) вазифаларини амалга ошираётган шахснинг шахсини ўрганишга ҳақлидир  . ДМ ҳолатида рўйхатдан ўтказиш жойи ва муассислар бошқа давлатда бўлади.

Норезидентда ўз кўчмас мулки (ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулки) мавжуд бўлмаслиги мезони хавф даражаси жуда юқорилигидан далолат беради. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, шуни таъкидлайманки, кўпинча норезидентда икки ҳолатда Ўзбекистонда ДМ ташкил этилади:

1) қурилиш майдончасида;

2) хизматлар кўрсатишда.

Масалан, чет эллик шахс ва Ўзбекистон компанияси ўртасида монтаж қилиш ва ишга тушириш шарти билан Ўзбекистонга асбоб-ускуналар етказиб берилишига шартнома тузилган. Монтаж қилиш ишларини бажариш жойи Ўзбекистон компанияси ҳудудидаги монтаж қилиш майдони ҳисобланади.

Чет эллик шахснинг монтаж қилиш ишларини бажариш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириши ДМ ташкил этилишига, чет эллик шахснинг ўзи эса СКнинг 130-моддасида белгиланган тартибда солиқ органларида рўйхатдан  ўтказилишига олиб келди.

Чет эллик шахс ва Ўзбекистон компанияси ўртасида монтаж қилиш майдончасидан бепул фойдаланиш ёки ижара шартномаси тузилмайди. Мазкур ҳолатда эса бундай шартноманинг мавжуд бўлмаслиги ҚҚС тўловчи сифатида ДМни рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади.

  Ўзбекистон компанияларидан бири иккинчисига монтаж қилиш ишларини бажариб бериши ҳақида сўз борганда эди, улар ўртасида фақат битта – асбоб-ускунани етказиб бериш ва монтаж қилишга шартнома тузилган бўларди. Мазкур ҳолатда монтаж қилиш майдончасидан бепул фойдаланиш ёки ижара шартномаси тузилиши талаб этилмайди. Соғлом фикрлаш ва адолатлилик принципидан келиб чиққан ҳолда ДМдан буюртмачи билан бундай шартномаларни тузиш талаб қилинмайди.

Шубҳасиз, Ўзбекистонда бошқарув жойи, филиал, бўлинма, бюро, идора, офис, кабинет, агентлик ва бошқалар орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ДМни ташкил этиш тўғрисида сўз борганда, айтиб ўтилган мезонлар қўлланилади. Бироқ қурилиш майдонларида ёки хизматлар кўрсатишда ташкил этилган ДМлар ҳам инобатга олиниши лозим. Халқаро амалиётда хизматлар кўрсатилиши билан боғлиқ фаолиятда муайян муддатда иштирок этиш назарда тутилади, бироқ доимий фаолият юритиш жойи мавжуд бўлиши талаб этилмайди.

Махсус рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги низомда ДСҚга солиқ хавфи белгиларига (ҳолатларига) ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ваколати берилганлиги сабабли ушбу НҲҲ кучга киргунига қадар бундай хорижий компаниялар учун айтиб ўтилган мезонни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман. Ёки ДМлар учун уларнинг солиқ ҳолатини ҳисобга олувчи алоҳида мезонлар киритилиши лозим».