Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар – 10

preview

Йирик солиқ тўловчи рухсатнома стикерини қандай олиши мумкин? Карантин даврида маҳсулотни сертификатлаштириш бўйича қандай имтиёзлар тақдим этилади? Корхонада коронавирус аниқланган бўлса, ходимларга нима бўлади? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.


ДСҚ ахборот хизмати:

– ДСҚ томонидан йирик солиқ тўловчиларнинг автотранспорт воситаларига рухсатнома стикерлари бериш бошлагани маълум қилинган эди. Ушбу ҳужжатни қандай олиш ва ундан қандай фойдаланиш мумкин?

– Йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирадиган корхоналарнинг ходимларига шахсий ва хизмат автотранспортлари учун рухсатнома стикерлари берилади.

Рухсатнома ҳужжатини олиш учун ариза фақат онлайн тарзда, my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали берилиши мумкин, бунда махсус шакл тўлдирилади.

Ариза берилганидан кейин бир иш куни давомида ноёб QR-кодли рухсатнома шакллантирилади, уни қоғозга чиқариб олиш ва автотранспорт воситаси кейинчалик ҳаракатланиши учун фойдаланиш лозим.

ДСҚ томонидан ҳар бир солиқ тўловчига нисбатан алоҳида стикерлар олиш учун квоталар белгиланади.

Рухсатнома стикери олинган пайтидан бошлаб 30 кун давомида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.

Рухсатнома стикерларини олган ходимлар ёнида автотранспортдан фойдаланишлари учун меҳнат дафтарчаси нусхаси ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат бўлиши лозим. Ходимлар транспорт воситасидан фақат хизмат мақсадларида ва белгиланган маршрут бўйича соат 9.00 дан 18.00 гача фойдаланишлари мумкин.

ДСҚда рухсатнома стикерлари жўнатилганидан кейин улар олинганлиги тўғрисидаги аризаларга тузатишлар киритиш назарда тутилмаган. Рухсатнома берилганлиги учун тўлов ундирилмайди.


Оқилбек МУСТАФОЕВ, «Ўзстандарт» агентлиги Ўзбекистон илмий тадқиқотлар ва сифат назорати маркази директори:

– Коронавирусга қарши курашиш доирасида Агентлик томонидан тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларга қандай имтиёзлар тақдим этилади?

– Карантин даврида Ўзбекистон илмий тадқиқотлар ва сифат назорати маркази томонидан антисептик воситаларни бепул сертификатлаштириш йўлга қўйилган.

Ҳозирги пайтда 8 та корхонада ишлаб чиқариладиган антисептик ва дезинфекциялаш воситаларига 10 та ариза келиб тушган. Улардан 7 таси бўйича мувофиқлик сертификатлари берилган, қолган 3 таси бўйича намуналар олинган ва синовлар ўтказилмоқда.

– Ҳозирги пайтда тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ўлчов воситаларини сертификатлашда қандай имтиёз ва қулайликлардан фойдаланмоқдалар?

– Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 265 та хўжалик юритувчи субъектдан 91 тасининг ўлчов воситаларини сертификатлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда 174 та  хўжалик юритувчи субъектга мувофиқлик сертификатлари берилган.

Тадбиркорларга сертификатлаш даврида ускуналар сақланадиган божхона омборлари хизматлари учун ҳақ тўлашда имтиёзлар тақдим этилади. Натижада тадбиркорлар жами 1,1 млрд сўмдан ортиқ маблағни иқтисод қиладилар.


Хабибулла ОҚИЛОВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси:

– Акам ишлайдиган корхонада коронавирус аниқланган. У апрель ойининг бошидан масофавий ишлаяпти. Кеча уни ишхонага чақириб, карантинга олиб кетишди. Бундан олдин у тест топширганда натижа салбий чиққан эди. Бугунги кундан унинг уйи карантинга олинган. Бундай ҳаракатлар қонунийми?

– У қайси санадан уйда қолган, корхонага охирги марта қачон борган, у ерда вирус қачон аниқланган – буларнинг аниқ санаси айтилиши зарур.

Таъкидлаб ўтаман: эпидемиологлар ва ҳарбий тузилмаларнинг барча ҳаракатлари Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ ва карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда.

АОКА материаллари асосида.