ДСҚ асосланмаган қўшимча ҳисоблаб ёзишларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бермоқда

preview

Солиқ қўмитаси ўзининг бўлинмалари ишида ДСХО ходимларига катта юклама ва ҳали ўқитиб-ўргатиш лозим бўлган янги кадрлар оқими боис муаммолар мавжудлигини тан олди. Солиқ тўловчиларга қўйилаётган асосланмаган талабномаларни минимал  даражага тушириш учун қўмита махсус дастурий комплексни ишлаб чиқмоқда. Бу қандай ишлаши ҳақида ДСҚ раисининг ўринбосари Абдулла АЗИЗОВ сўзлаб берди.

- Сўнгги йилларда солиқ маъмуриятчилигида кўп нарса тубдан ўзгарди: хавфни таҳлил қилиш ва солиқ тўловчиларни сегментлаш, камерал назорат, замонавий ахборот технологияларини фаол жорий этиш ва талай бошқа нарсалар. Солиқ органлари ходимлари гарданида улкан юклама ва жуда катта масъулият ётибди.  Ва улар турли сабабларга кўра ҳар доим ҳам бу вазифаларни уддалай олишмаяпти.

Биз камерал назорат хизмати жўнатадиган қўшимча солиқларни ҳисоблаб ёзиш тўғрисидаги талабномаларнинг мазмуни борасида кўп танқидлар қабул қиламиз.  Биз муаммо ҳақиқатда мавжудлигини тан оламиз. Эҳтимол, бу янги, унча тажрибали бўлмаган ДСХО ходими бўлиб, у ҳали барча нормаларни ва уларни қўллаш жиҳатларини синчиклаб ўрганмагандир. Балки иш билан жуда банддир. Шунингдек, асосланмаган талабномалар пайдо бўлишининг бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Бухгалтерлар эса уларга жавоб беришларига тўғри келмоқда, бу уларнинг вақтини олиб, ишдан чалғитмоқда.

Бир томондан – биз бундай талабномалар сонини кўп карра қисқартириш мумкинлигини аниқ тушунамиз. Бошқа томондан – бизда режа бор. Биз ДСХО ходимлари фаолиятини унинг ҳар бир босқичида қандай мақбуллаштириш мумкинлигини биламиз.

- Муаммо қандай ҳал қилинади?

- Олдинда камида иккита бошқармани реинжиниринг қилиш бўйича мураккаб иш турибди:  солиқ тўловчиларни сегментлаш ва камерал назорат. Шунингдек, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини жуда аниқ йўлга қўйиш турибди. 

Сегментлаш соҳаси мутахассислари ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш билан шуғулланишлари лозим. Камерал назорат мутахассислари учун  юқори аниқликдаги тавсиялар улар меҳнатининг натижаси ҳисобланади. Ҳозир камералчилар бундай аниқ тавсиялар  ва мўлжалларга эга эмаслар.

Бунда ушбу икки бўлинманинг фаолияти ҳеч қандай ҳолатда такрорланмаслиги керак. Агар биз бу вазифани ҳал қилишни уддаласак, асосланмаган талабномалар бошқа бўлмайди.

- Бундай иш қанча вақт талаб этади?

- Ишлар ҳолатини ўрганиш, муаммолар манбасини тушуниш ва стандартлар ишлаб чиқиш учун бизга тахминан ярим йил керак бўлади. Ҳар бир ходимга қатъий стандартлар бўйича ишлашга ёрдам берадиган дастурий комплексни ишлаб чиқиш, йўлга қўйиш ва ишга туширишга  яна қарийб бир ярим йил талаб этилади.

Биз ҳар бир бўлинма ва ҳар бир ходим нима билан шуғулланиши лозимлигини батафсил баён этишни режалаштирмоқдамиз. Моҳиятан, бу қўйилган мақсадга қандай энг мақбул йўл билан ва қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда эришиш юзасидан аниқ қадамма-қадам йўриқнома бўлади.

Биз турли мамлакатлар тажрибасини ўргандик ва Даниянинг Danfoss компанияси мисолида тўхтадик. У ерда махсус компьютер дастури ходимга компьютер сичқончасига бир неча марта босиш йўли билан улар олдига қўйилган вазифаларни бажариш бўйича аниқ қадамма-қадам йўриқномани олиш имконини беради. У стандарт ва йўриқномани бажаришдан четга чиқолмайди.

Бугунги кунда солиқ органларида бундай ягона стандарт ва ягона аниқ йўриқномалар йўқ. Шу сабабли ҳамма солиқ инспекциялари турлича ишлайди. Бу ҳар бир ходим ўз олдига қўйилган вазифани ўз тасаввури ва тажрибаси даражасида ҳал қилиши боис рўй беради. Янги ходимларга эса нима ва қандай қилишга йўналиш олиш умуман мураккаб. Бундай бўлиши мумкин эмас, албатта. Биз вазиятни яқин икки йил ичида тузатиш учун барча имкониятларни ишга соламиз.

- Бунинг учун ҳозирнинг ўзида нималар амалга оширилган?

- Яшнобод туман ДСИда мутахассислар гуруҳи ишлаяпти. Улар солиқ органлари фаолиятини ташкил этувчи бизнес-жараённи ҳеч бир истисносиз тавсифламоқдалар.

Бунда ҳар бир жараённи биз схематик шаклда турли хил вариацияда тавсифлаяпмиз. Бу жуда муҳим. “Буни қандай бажаришни мен билмайман...”, деб иддао қилувчи инсон позициясидан ёндашиш ҳам мумкин эди.  Бироқ, биз схема чизишни бошлаганимизда, амалиётда юзага келадиган барча саволларга баъзан бизнинг энг тажрибали мутахассисларимиз ҳам жавоб бериши мураккаб бўлиши ойдинлашмоқда.  Ва яна норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни очиб, кўриб чиқишга тўғри келмоқда.

Бу ишлар қўмитада эмас, балки туман инспекциясида олиб борилиши жуда муҳим, сабаби бутун солиқ тизими ишининг муваффақияти ушбу энг қуйи даража қандай ишлашига боғлиқ.

- Бугун солиқчилар ҳам, солиқ тўловчилар ҳам кўпгина дастурий комплекслар ва сервислар билан ишлашмоқда. Компонентлар қанчалик кўп бўлса, уларни бошқариш шунчалик қийин бўлади...

- Ўзбекистон солиқ органлари айни пайтда 49 та дастурий комплексдан фойдаланишмоқда ва 45 та интерактив сервисларни қўллашмоқда. Шу жумладан – солиқ тўловчилардан тўловларни қабул қилиш бўйича. Уларнинг барчаси турли вақтда турли мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган, ҳар хил дастурлаш тилларидан фойдаланган ҳолда барпо этилган.

Бунда солиқ органларига  ташқи манбалар – вазирликлар ва идоралардан келиб тушадиган ахборотдан фойдаланиш самарадорлиги масаласи кескин турибди. Бу ўша солиқ тўловчиларни сегментлаш бошқармаси таҳлилчилари учун жуда муҳим ахборот. Бироқ ундан тўлиқ даражада фойдаланилмаяпти, чунки туркумлаштирилмаган, бизнинг ДТ билан боғланмайди ва бошқа талай сабаблар бор.

Ушбу барча тизимларнинг ўзаро ҳаракатини максимал даражада самарали  йўлга қўйиш учун ягона ахборот платформасини барпо этамиз.

Шунингдек, бугун биз катта дата-марказ қуриш бўйича лойиҳани ишлаб чиқмоқдамиз. Солиқ органларига келиб тушаётган ахборот ҳажми ўсиб бормоқда. Уларни самарали сақлаш, таҳлил қилиш ва ундан фойдаланиш учун   тегишли моддий-техника базаси зарур.

Олег ГАЕВОЙ