Камерал текширувсиз аниқлаштирилган ҳисоботни қабул қилишни рад этиш – СК нормаларини бузиш

preview

ДСҚ хабарига кўра, ўтган солиқ ҳисоботи билан солиштирганда худди шу давр учун тўланиши лозим бўлган солиқларнинг суммаси камайтирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи фақат камерал солиқ текширувидан кейин қабул қилинади. Ўз навбатида бухгалтерлар ушбу қарор СК 138-моддаси 1-қисмига зид деб ҳисобламоқдалар. Бундай вазиятда улар қандай йўл тутишлари керак? Солиқ маслаҳатчиси, «Муҳаммадбоев арбитраж уйи» СМТ директори Абдуғани МУҲАММАДБОЕВ buxgalter.uz саволларига жавоб берди:


– «Солиқ органларининг аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиш ҳуқуқи ҳақидаги» масалани муҳокама қилишни СКга мувофиқ «солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари» солиқ ҳисоботи деб ҳисобланишидан бошлаш керак .

СКга мувофиқ, солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади .

Бунда солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Амалиётда солиқ маъмуриятчилигининг ушбу жиҳати СКга қатъий мувофиқ равишда тартибга солинган. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар автоматик равишда – ҳеч қандай назоратсиз қабул қилинади (тўлдирилиши мажбурий бўлган ҳисобот устунларига маълумотларни киритмаслик ҳоллари бундан мустасно).


Аниқлаштирилган ҳисобот билан боғлиқ вазият

Солиқ кодекси солиққа оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат сифатида «аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи» тушунчасини очиб бермаган.

ДСҚ томонидан тасдиқланган солиқ ҳисоботи шакллари ҳам «аниқлаштирилган ҳисобот» деб номланган алоҳида илова ёки мустақил ҳужжатни ўз ичига олмаган, фақат солиқ ҳисоботи турини танлашни таклиф қилган.

Шунга қарамай, СК 83-моддаси нормасида ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шартлиги белгиланган. Амалиётда илгари ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасини камайтиришни (унга тузатиш киритишни) истисно этувчи, шунингдек солиқ органининг талабларига рози бўлиб тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳам камерал текширувсиз қабул қилинади.

Илгари ҳисоблаб чиқарилган солиқни камайтиришга йўналтирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи билан боғлиқ мураккаб (аниқроғи, ҳуқуққа зид) вазият юзага келди. Ёхуд – харажатларни оширишга, у ҳам солиқ базаси ва солиқ суммасини камайтиради.

Бундай аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳолатларининг деярли барчаси камерал текширув ўтказилишига олиб келади. Солиқ органи ё аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этади, ё ушбу тартиб-таомилни сунъий равишда чўзади.


Солиқ органлари аниқлаштирилган ҳисоботни қабул қила олмасликларининг сабаби нимада

Шу ўринда «камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилишини» қайд этиш ўринли .

Бинобарин, камерал солиқ текшируви ўтказилганда фақат солиқ органи томонидан қабул қилинган солиқ ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлар таҳлил қилинади. Ва аксинча, солиқ органи томонидан қабул қилинмаган ҳар қандай (шу жумладан – аниқлаштирилган) солиқ ҳисоботи камерал солиқ текшируви предмети бўла олмайди.

Фикримча, солиқ органининг аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиши қонунга зид.

  • Биринчидан, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи на шакли, на мазмуни, на мақсадига кўра оддий солиқ ҳисоботидан фарқланмаган. Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳам солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини бажаришига йўналтирилган.
  • Иккинчидан, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиш солиқ тўловчиларнинг «солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш» ҳуқуқини поймол қилади .
  • Учинчидан, Солиқ кодексида солиқ органларига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиш ҳуқуқи берилмаган.

Шубҳасиз, бу рўйхатни давом эттириш мумкин…

Солиқ органи мансабдор шахсларининг ҳуқуққа зид ҳаракатлари сабабли солиқ тўловчиларда кўплаб саволлар юзага келмоқда:

  • солиқ органлари солиқ тўловчини унинг аниқлаштирилган солиқ ҳисоб-китоблари қабул қилинмаслиги ҳақида огоҳлантиришга, шунингдек бундай қарорни қабул қилиш сабабини айтишга мажбурми?
  • солиқ органлари «қайта топширилган ҳисоботни қабул қилмаслик» тўғрисида қарор қабул қилганликлари ҳақида хабардор қилишга мажбур бўлсалар, буни қандай ва қачон қилишлари керак?

Мантиқдан ва юқорида баён этилган таҳлил хулосаларидан келиб чиқилса, солиқ органлари СК доирасида бундай мажбуриятга эга бўла олмайдилар. Сабаби улар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Солиқ органи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини СКда солиқ ҳисоботи учун белгиланган тартибда қабул қилиши керак.


Вазиятдан қандай чиқиш мумкин?

Фикримча, СКга аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топшириш ва қабул қилиш тартибини тўғридан-тўғри белгилайдиган, солиқ ҳисоботини тақдим этишга оид мавжуд тартибга айнан ўхшаш нормани киритиш керак. 

Ана шу пайтгача солиқ тўловчилар солиқ органи мансабдор шахсларининг ҳуқуққа зид ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Судга шикоят қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида белгиланган қоидаларга кўра, мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган солиқ органи жойлашган жойдаги маъмурий судга ариза бериш йўли билан амалга оширилади.

Шуни қайд этиш лозимки, процессуал талаблар мансабдор шахснинг ҳаракатлари ҳуқуққа зидлигини исботлаш мажбуриятини ариза берувчининг зиммасига юклайди.

Қонун ҳужжатларида солиқ органининг (аниқлаштирилган) солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиш ҳуқуқи назарда тутилмагани, рад этиш тартиб-таомили ҳам, рад этиш тўғрисидаги бундай қарорнинг шакли ҳам белгиланмагани сабабли бу солиқ тўловчининг ҳуқуқлари бузилиши далилини исботлашни бирмунча қийинлаштиради. Шунга қарамай, шикоятлар сони ушбу масалани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласига ижобий таъсир кўрсатишига умид қиламиз.


Олег ГАЕВОЙ.