Давлат мол-мулкини сотиб олишда ҳисобга олиш ҳуқуқи қандай амалга оширилади

preview

Давлат мол-мулкини (корхоналар, бинолар) сотиб оладиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, солиқ агентлари сифатида, ҚҚС тўлашлари керак. Буни қандай амалга оширишни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси  Гульнара ЭРГАШЕВА гапириб берди:


- Амалиётда бизнесни ривожлантириш учун давлат мол-мулкини харид қилган ҚҚС тўловчиларга бир неча марта маслаҳат беришга тўғри келган. Амалиётнинг кўрсатишича, улар СКнинг 256-моддасига мувофиқ солиқ агенти сифатида хариддан ҚҚС тўлашлари кераклигини билишмаган. Албатта, солиқчилар асосланган эътирозлар тақдим этишганда савол туғилди.

Таъкидлайман - давлат мол-мулки харидори (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор) солиқ агенти деб эътироф этилади. Харидор у ҚҚС тўловчиси ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигидан қатъи назар солиқни ҳисоблаб чиқариши ва ўз маблағлари ҳисобидан бюджетга тўлаши шарт. У СКнинг 256-моддаси 2-қисмига мувофиқ сотиб олинаётган (олинаётган) давлат мол-мулкининг солиқ ҳисобга олинмасдан шартномада белгиланган қиймати миқдорида - солиқ базасини аниқлайди. Бунда солиқ базаси ҳар бир операцияни амалга оширишда алоҳида аниқланади.

Эътибор беринг, СКнинг 256-моддаси 6-қисми харидорга-ҚҚС тўловчисига тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради. Бироқ ушбу ҳуқуқни амалга ошириш билан солиқ ҳисоботи шаклларини автоматлаштириш жараёнида юзага келган муаммолар мавжуд бўлиб, улар ҳали ўз ечимини топмаган.

Солиқ ҳисоботини биз бу ҳолда 10011_1 кодли шакл бўйича топширамиз. Солиқ ҚҚСнинг 175-кодига тўланади. ҚҚС тўлангандан кейин у автоматик режимда ҳисобга олиниши лозим сифатида ҚҚС бўйича ҳисоботда “ўтириши” мантиқан тўғри бўларди. Бироқ ҳозирча бу содир бўлмайди ва ҳисобот шаклида тегишли тузатиш киритиш учун сатр назарда тутилмаган.

ДСҚнинг сall-маркази ходимлари бу ҳолда ҚҚС бўйича ойлик ҳисоботни тўлдириш чоғида 3-иловада 0301-сатрни қўлда тўлдиришни маслаҳат беришади. Бироқ буни амалга ошириб бўлмайди, сабаби бунинг учун тегишли сумма ҚҚС ҳисоб-китобига 4-иловада акс эттирилиши керак. Бироқ, автоматлаштириш шароитларида бунинг имкони бўлиши учун электрон ҳисобварақ-фактуранинг махсус тури зарур бўлади.

Ўйлайманки, бу вазиятда ҚҚСни ҳисобга олиш жараёнини тўлиқ автоматлаштириш мумкин. Электрон ҳисобот шаклларини автоматлаштириш жараёнида бизда бир томонлама ҳисобварақ-фактураларнинг янги турлари, хусусан, хизматлар импорти ва экспорти бўйича пайдо бўлди. Ўхшашлиги бўйича СКнинг 256-моддасида назарда тутилган ҳоллар учун ЭҲФнинг махсус турини ҳам назарда тутиш зарур.