Фойдали қазилмалар харидори ер қаъридан фойдалангалик учун солиқ тўлайдими

preview

Корхона бошқа компания - кон эгасидан қум-шағал аралашмасини харид қилади. Сўнгра ушбу аралашма майда тош ва қум ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Корхона майда тош ва қум ишлаб чиқарганлиги сабабли ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўлаши керакми? Буни buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:

 

– Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни қуйидаги ер қаъридан фойдаланувчилар тўлайди:

  • ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олувчилар;
  • минерал хом ашёдан ва (ёки) техноген минерал ҳосилалардан фойдали қазилмаларни ажратиб олувчилар.

Солиқ солиш мақсадларида ер қаъридан фойдаланувчилар - бу Ўзбекистон ҳудудида конларни аниқлаш ва разведка қилиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал хом ашёдан ва (ёки) техноген минерал ҳосилалардан фойдали қазилмаларни ажратиб олишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар саналадилар .

Солиқ солиш объекти - фойдали қазилмани қазиб олиш (ажратиб олиш) ҳажми .

Корхонангиз фойдали қазилмаларни қазиб олмаслиги ёки ажратиб олмаслиги, балки уларни бошқа компаниядан харид қилиши боис, сиз ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўлашингиз керак эмас. Солиқни компания - қум-шағал аралашмасини қазиб оладиган кон эгаси тўлайди.