Доимий муассасалар назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарномани тақдим этишлари керакми

preview

Ўзбекистонда фаолиятни ДМ орқали амалга оширадиган чет эл юридик шахслари трансферт нархини белгилашда солиқ назорати доирасида назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарномани топширишлари шарт бўлиши мумкин. Хабарнома йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай топширилади . Лекин бундай юридик шахслар бухгалтерия ҳисоби субъектлари ҳисобланмайди ва Ўзбекистонда молиявий ҳисоботни тақдим этишмайди. Чет эл юридик шахсларининг ДМ назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарнома топширишлари керакми ва агар керак бўлса, қандай муддатларда топшириш лозим? Буни “Норма” илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш услубияти департаментининг халқаро солиқ солиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА тушунтирди:

 

– Назорат қилинадиган битимлар – бу ўзаро алоқадор шахслар – Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари ўртасидаги битимлар .

Ўзаро алоқадор шахсларни аниқлаш тартиби СКнинг 37-моддасида белгиланган.

Қуйидагилар Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари ҳисобланади :

  • Ўзбекистоннинг юридик шахслари;
  • солиқ солиш масалалари бўйича халқаро шартномаларига мувофиқ ушбу халқаро шартномаларни қўллаш мақсадлари учун Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этилган чет эл юридик шахслари;
  • ҳақиқатдаги бошқарув жойи Ўзбекистон бўлган чет эл юридик шахслари, агар солиқ масалалари бўйича халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса.

Шунингдек, қуйидагилар назорат қилинадиган битимлар деб эътироф этилади :

1) жаҳон биржа савдоси товарларининг ташқи савдоси соҳасидаги битимлар;

2) рўйхатдан ўтказилиш жойи, яшаш жойи ёки солиқ резидентлиги жойи офшор юрисдикция бўлган шахс ҳисобланадиган битимлар.

Офшор юрисдикциялар – бу солиқ солиш бўйича имтиёзли режимни тақдим этадиган ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда ахборотни ошкор этишни ҳамда тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатлар ва ҳудудлар.

Норезидентнинг доимий муассасаси чет эл компаниясининг номидан ҳаракат қилади ва Ўзбекистоннинг солиқ органларида солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилади .

Агар Ўзбекистонда ДМ орқали фаолиятни амалга оширувчи чет эл компанияси назорат қилинадиган битимларда иштирок этса, ДМ улар тўғрисида хабарнома топшириши шарт.

Назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарнома шакллари Низомга мувофиқ тўлдирилади.

Солиқ тўловчи хабарномани белгиланган шаклга мувофиқ солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклида йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тақдим этади.

Чет эл компанияларининг доимий муассасалари молиявий ҳисоботни топширишмайди, бироқ Ўзбекистондаги фаолият тўғрисидаги ҳисоботни эркин шаклда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тақдим этадилар .

Назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарномани худди шу муддатларда – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тақдим этишни тавсия қиламиз.

Агар солиқ текширувини ёки солиқ мониторингини ўтказиш чоғида солиқ органи улар тўғрисидаги маълумотлар СКнинг 182-моддаси 2-қисмига мувофиқ тақдим этилмаган назорат қилинадиган битимлар  амалга оширилганлиги ҳолатини аниқласа, у :

  • аниқланган ҳолатлар тўғрисида ДСҚга мустақил тарзда хабар қилади ва ўзи олган бундай битимлар тўғрисидаги маълумотларни юборади;
  • хабарнома юборилган санадан эътиборан 10 кундан кечиктирмай бундай хабарнома ва маълумотлар юборилганлиги тўғрисида солиқ тўловчига хабар қилади.

Агар сиз хабарномани белгиланган муддатда тақдим этмаган бўлсангиз, уни солиқ органидан ДСҚга назорат қилинадиган битимлар мавжудлиги тўғрисида хабар берилганлиги тўғрисида хат олинган санадан эътиборан 10 кундан кечиктирмай тақдим этинг .