Электромобилни сотиб олишда қандай имтиёзларни қўллаш мумкин

preview

“Кредитга электромобиль сотиб олмоқчимиз. Жисмоний ва юридик шахслар учун бундай кредитлар бўйича қандай имтиёзлар мавжуд? Масалан, агар электромобиль тўғридан-тўғри Хитойдан сотиб олинган бўлса, имтиёзларни қўллаш мумкинми? Ёки улар фақат бундай машиналарни Ўзбекистонда сотиб олишга нисбатан амал қиладими? Биз “божхона” ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғим тўлашимиз керакми?”.

Саволларга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:

 

– Электромобилларни ишлаб чиқариш ва фойдаланиш соҳасини Президентнинг қуйидаги қарорлари тартибга солади:

  • ПҚ-443-сон – “Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”;
  • ПҚ-444-сон – “Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”.

2030 йил 1 январга қадар электромобиллар ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқарувчилар учун имтиёз ва преференциялар амал қилади . Айнан: улар маҳсулотларининг реализация қилинишини рағбатлантириш учун давлат харидорларга республикада ишлаб чиқарилган ва ички бозорда сотилган, электромобиль ва гибрид автомобилларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга миллий валютада ажратиладиган БҲМнинг 1 200 бараваридан ошмайдиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплайди. Имтиёз:

1) кредит муддатининг дастлабки 36 ойи давомида;

2) республикада ишлаб чиқарилган электромобиль ва гибрид автомобиллар сотиб олинган тақдирда амал қилади.

Эслатиб ўтамиз

2030 йил 1 январга қадар белгиланган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган :

  • электромобилларнинг ва гибрид автомобилларнинг бутловчи қисмлари (машинокомплект);
  • хомашё ва материаллар;
  • ускуналар ва технологик жиҳозлар, шу жумладан сервис хизмати кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлар божхона божидан озод этилади.

 

Агар электромобиль чет элда сотиб олинса

2019 йил 1 январдан бошлаб электромобилларни (ТИФ ТН коди 870380) олиб кириш учун божхона божининг ноль даражали ставкаси белгиланган .

Электромобилни, шу жумладан – Хитойдан импорт қилишда харидор ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғим тўлайди. 2021 йил 1 январдан бошлаб 09.11.2020 йилдаги 700-сон ВМҚ билан белгиланган йиғимлар ставкалари қўлланилади.

Бундан ташқари, электромобиль (ТИФ ТН коди 870380) харидори 02.06.2020 йилдаги 347-сон ВМҚга илованинг III бўлимида белгиланган миқдорда утилизация йиғимини тўлайди.

Маҳаллий электромобиллар ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқарувчилар 2030 йил 1 январга қадар ушбу йиғимни тўлашдан озод қилинган .