ҚҚС ставкаси ва дисконтни ЭҲФда акс эттириш: янги қоидалар

preview

2023 йил сентябрь ойидан бошлаб ЭҲФдаги 7-«ҚҚС ставкаси» устуни ва 8-«ҚҚС суммаси» устунини тўлдириш қоидалари ўзгарди. Бу ўзгаришлар товарларини дисконт ва чегирмалар билан реализация қилувчиларда қийинчилик туғдирди. Чегирмалар айланмага қўшила бошлади.

Ўз мижозлари билан ишлаш пайтида бу қийинчиликларни енгишга муваффақ бўлган солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига кўра ўз тажрибаси билан бўлишди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Ўзгаришлар моҳияти

– Олдин бундай бўлган: имтиёзли товар бўйича ЭҲФ шакллантирилганида дастур автоматик равишда 7-устунда – «ҚҚСсиз», 8-устунда эса «0»ни чиқариб берарди. Ноль ставкадаги ҚҚС бўйича солиқ солинадиган хизматлар бўйича (масалан, халқаро ташувлар) ЭҲФ шакллантирилганида эса 8-устунда ҳам «0» акс эттирилган.

Янгилик жорий қилинганидан кейин бундай бўлди:

  • Имтиёзли товар бўлса – 7-устунда «ҚҚСсиз» танланганидан сўнг 8-устунда автоматик равишда ҚҚСсиз чиқиб келади;
  • ноль ставка бўйича солиқ солинадиган айланма бўлса – 7-устунда «0 %» танланганидан сўнг 8-устунда автоматик равишда 0 % чиқиб келади;
  • ҚҚС солинадиган айланма бўлса – 7-устунда «12 %» танланганидан сўнг 8-устунда автоматик равишда ҚҚС суммаси ҳисоб-китоб қилинади.

Янгиликнинг бу қисмини солиқ тўловчилар асосан ЭҲФ операторларининг ёрдами билан уддаладилар. Буни устунларда пайдо бўлувчи ёрдамчи сўзлардаги ўзгаришлардан ҳам билиб олиш мумкин эди.

 

Имтиёзли товар учун чегирмаларни акс эттириш

Эҳтимол қандайдир техник сабабларга кўра ЭҲФни тўлдиришдаги ўзгаришлар имтиёзли товар учун тақдим этилаётган дисконтлар ва чегирмаларни ҳисобварақ-фактураларда акс эттиришдаги ўзгаришларга олиб келгандир. Хусусан, бундай муаммога фармацевтик компаниялар дуч келди.

Сентябрь ойига қадар фармкомпаниялар дисконт ва чегирмаларни алоҳида сатр билан акс эттиришган, бу чегирма МХИКга эга бўлиб, ҚҚС ҳисобланмаган. Энди бундай чегирмалар алланечук 0% ставка бўйича солиқ солинадиган чегирма сифатида айланмага киритилиб, ҳисоботни бузиб кўрсатмоқда ва ҚҚСни мутаносиб усулда ҳисобга олиш усулига олиб келмоқда.

Ечим
Вариант сифатида мана бундай ечимни таклиф қилиш мумкин: чегирма юклаб жўнатиш пайтида ЭҲФ бўйича берилаётган бўлса, унда бу чегирмани алоҳида сатрда акс эттирмасдан, нархни туширинг, шунда ушбу имтиёзли айланма ҳисоботда тўғри акс этади.

Аммо яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман: киритилаётган ўзгартиришлар одатий амалиётни ўзгартираётган бўлса Солиқ қўмитаси билан унга қарашли роуминг-операторнинг расмий тушунтиришлари эълон қилиниши шарт, шунда солиқ тўловчиларда тўғри иш қилаётгани ҳақида ишонч пайдо бўлади.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади