Сотиб олинган ва реализация қилинадиган товарнинг МХИКдаги фарқи нимага сабаб бўлади

preview

“МЧЖ ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси ҳисобланади. МЧЖ товарларни (асбоб-ускуналарга эҳтиёт қисмларни) харид қилади, улар кейинчалик экспортга реализация қилинади. Бунда товарлар турли етказиб берувчилардан (ишлаб чиқарувчилардан, улгуржи корхоналардан, дилерлардан) харид қилинади. Уларда айни бир товарларнинг номлари турлича бўлиши мумкин. Масалан, бир етказиб берувчидан сотиб олинадиган “резина астар”ни бошқа етказиб берувчи “зичловчи” номи билан бизга жўнатиши мумкин.

Товар-моддий захираларни (ТМЗ) ҳисобга олишни мақбуллаштириш мақсадида корхонамиз сотиб олинган товарларни ҳисобга олишни корхонада қабул қилинган номлар бўйича юритишни режалаштирмоқда. Яъни етказиб берувчилардан турли номларда сотиб олинган товарлар номенклатура позицияларининг артикул рақамлари асосида ягона ҳисобга олиш номларига айлантирилади.

МЧЖ ҚҚС тўловчиси эканлигини ҳисобга олган ҳолда, товарларни етказиб берувчининг номидан фарқ қиладиган корхонада қабул қилинган ном билан реализация қилишда бу электрон ҳужжат айланиши орқали назорат қилиш чоғида ҚҚС бўйича занжир узилишининг сабаби бўлмайдими? Бу молиявий жарималарга олиб келмайдими?”

Саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Товар-моддий захиралар (ТМЗ) бухгалтерия ҳисобининг бирлигини захиралар тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумотларни шакллантириш ҳамда уларнинг мавжудлиги ва ҳаракати устидан лозим даражада назоратни таъминлаш мақсадида ташкилот мустақил равишда белгилашга ҳақли. ТМЗнинг хусусиятлари, уларни харид қилиш ва улардан фойдаланиш тартибидан келиб чиқиб ТМЗнинг бирлиги номенклатура рақами, партия, бир турдаги гуруҳ ва ҳоказо бўлиши мумкин .

Корхонангиз сотиб олинган ТМЗ бухгалтерия ҳисобини корхонангизда қабул қилинган номлар бўйича юритишга, шунингдек етказиб берувчилардан сотиб олинган бир хил хусусиятларга эга турли номлардаги товарларни ягона ҳисобга олиш номларига айлантиришга ҳақли. ТМЗни ҳисобга олишни юритиш тартибини бухгалтерия ҳисоб сиёсатида мустаҳкамлаб қўйинг, ТМЗ номларини (номенклатурасини) эса буйруқ билан тасдиқлашингиз мумкин.

Шу билан бирга, солиқ ҳисоби мақсадида Маҳсулот (товар ва хизмат)ларнинг ягона электрон миллий каталоги жорий этилган бўлиб, у МХИК кодлари бўйича ишлаб чиқарувчидан бошлаб истеъмолчига қадар товарлар ҳаракатининг бутун занжирини кузатиб бориш имконини беради.

Ҳисобварақ-фактураларда ёки НКТ чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган идентификация кодлари акс эттирилган тақдирда мазкур ҳаракатлар ҳисобварақ-фактураларда ёки чекларда кўрсатилган реализация қилинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1 фоизи миқдорида жарима қўлланилган ҳолда солиқ базасини яшириш деб малакаланади .

Шу боис, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва товарларни реализация қилиш бўйича бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш чоғида уларнинг етказиб берувчилари томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларда кўрсатилган МХИК кодларини акс эттириш талаб қилинади.

Агар сизнинг етказиб берувчиларингизда МХИК кодлари Маҳсулот (товар ва хизмат)ларнинг ягона электрон миллий каталогида белгиланганлардан фарқ қилса, бундай контрагент билан битим тузишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида ўйлаб кўрса арзийди.

Солиқ кодекси солиқ тўловчи зиммасига контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик қилиш мажбуриятини юклайди . Шу муносабат билан сизнинг кирим ва чиқим ҳисобварақ-фактураларингизда МХИК бўйича тафовутлар аниқланса, солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррар бўлади.