Савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги дастурларнинг солиқ органлари тизимлари билан интеграциялашуви

preview

Солиқ органлари Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом билан белгиланган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситаларини солиқ органларининг тизимлари билан интеграция қилиш тўғрисидаги талабга риоя қилинмаганлиги учун чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини жаримага тортишмоқда.

Buxgalter.uz вазиятни шарҳлаб бериш илтимоси билан мутахассисларга мурожаат қилди.

 

Профессионал ҳамжамиятнинг долзарб муаммоларидан хабардор бўлиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқ органлари тадбиркорларга хат йўллаб, унда Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг нормасига риоя қилиш лозимлиги ҳақида огоҳлантирган. У чакана савдо ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилаётган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситаларини (ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлари) мажбурий равишда солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши ва Давлат реестрига киритилиши лозимлигини белгилайди .

Низомнинг ушбу нормасига риоя қилинмаганлиги учун солиқчилар СКнинг 227-1-моддаси бўйича жаримага тортишмоқда. У реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишни назарда тутади.

Солиқчиларнинг таъкидлашича, ушбу чоралар яширин айланмани қисқартириш, солиқ ҳисобини янада автоматлаштириш ва касса чекларини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келтиришга қаратилган. Аммо, тадбиркорларнинг қайд этишларича, амалиётда қонун ҳужжатларида ёзилган жавоблар мавжуд бўлмаган талай саволлар юзага келади. Фақатгина ушбу нормалар амалиётда қандай амалга оширилиши кераклиги юзасидан фикрлар мавжуд. Бу низоли вазиятларни юзага келтирмоқда. Кўп тадбиркорлар танлов олдида туришибди: кимнингдир шахсий кўрсатмасига риоя қилиш, бу эса қимматга тушади ва самарали ишлашга кўмаклашмайди ёки бизнесни ёпиш.

 

Дастлаб қонун ҳужжатларида батафсил ёзиб қўйинг – кейин жарима солинг

“СКнинг 227-1-моддаси нормалари ва Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 4-банди қонуности ҳужжатларига муҳтождир, у эса ҳозирча йўқ – дейди TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА. – Унда ҳаммаси аниқлаштирилган бўлиши керак. Регулятор қандай дастурларни солиқ органларининг тизимлари билан интеграция қилинишини кўришни хоҳлайди? Улар қандай дастурий маҳсулотлар билан интеграция қилинган бўлиши керак? Ушбу дастурлар қандай реестрга киритилиши керак? Ушбу реестрнинг юритилиши учун ким жавоб беради? Дастурларни реестрга киритиш қоидалари қандай? Ушбу саволларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ёзилган аниқ жавоблар йўқ.

Қонун ҳужжатларининг янги талабларини ҳақиқатда жорий этиш мумкин бўлган муддатларни белгилаш лозим. Ўтиш даврида нормаларни бузганлик учун санкцияларни қўллаш мумкин эмас. Санкцияларнинг ўзини ҳам улар қанчалик асосланганлиги борасида қайта кўриб чиқиш керак. Жарималар банкротликка олиб келмаслиги лозим”.

 

“GAROV TARAQQIYOT NKM” МЧЖ таъсисчиси Владимир ГИБЕЛЬ ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилади: “23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚда маъмурий жараёнларни автоматлаштириш дастурлари билан интеграция қилиш бўйича талаблар бўлмаслиги керак. Ушбу қарор аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар ва уларда онлайн-назорат-касса техникасини мажбурий қўллашга бағишланган. Маъмурий жараёнларни автоматлаштириш дастурларидан фойдаланиш – бу ихтиёрий иш. Боз устига, фойдаланувчи фақат ўзига керакли функционални танлаши ва фойдаланиши мумкин. СКнинг 227-1-моддаси бўйича жарима солиш ҳам нотўғри, сабаби назорат-касса техникасидан фойдаланувчи барча тадбиркорларда солиқ органлари билан интеграция мавжуд. СКнинг 221-моддаси ҳам мазкур вазиятлар учун тўғри келмайди, сабаби у касса чеклари берилмаслигига бағишланган”.

 

Ресторан иши бўйича маслаҳатчи, Poster ҳисобга олишнинг булутли тизими вакили Сергей ТЯН солиқ органлари билан интеграция қилишнинг учта усулини кўрмоқда: 

“Биринчи усул – фақат солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш.

Иккинчи усул – онлайн-НКМ ёки виртуал касса билан интеграция қилинган автоматлаштириш дастуридан фойдаланиш (қурилма биргаликда ишлайди). Ушбу вариант чек мазмунининг воқеликка мувофиқ келиши муаммосини ҳал қилади.

Учинчи вариант ҳам бор – автоматлаштириш дастури ва виртуал кассанинг функционали ва имкониятлари битта қурилмада битта дастурга бирлаштирилган вазият. Аммо у турли сабабларга кўра қулай эмас. Дастур ишдан чиққан тақдирда ишнинг жуда катта қисми “фалажланади”.

Ушбу нормалар муаллифлари қайси вариантни кўзда тутишган? Норматив ҳуқуқий ҳужжатларда бунга жавоб йўқ.

 

Жарималарни қўллаш – ноқонуний

Экспертлар умумий овқатланиш ва чакана савдони автоматлаштириш дастурларининг солиқ органларининг тизимлари билан интеграция қилинмаганлиги факти бўйича 227-1-моддада назарда тутилган жарималарнинг қўлланиши ноқонуний деган фикрда якдилдирлар. Мажбурий онлайн-НКТдан фарқли ўлароқ, автоматлаштириш дастуридан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни – муассаса раҳбари ҳал қилади. Тадбиркорлик субъектига ички жараёнларни автоматлаштириш дастурларидан фойдаланиш мажбуриятини юклайдиган битта ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

“Агар мен блокнотларга ёзиш сингари эски усуллардан воз кечсам, ўзимга қўшимча мажбуриятлар юклаган бўламанми? – деб хулоса қилади тез овқатланиш кафеси раҳбари Татьяна СЕМИНА. – Шундай буён, ким блокнотлар билан ишлашнинг классик усуллари тарафдори бўлса, сўров камроқ бўлади? Нима учун?” 

“Интеграция қилинмаганлиги учун 227-1-модда бўйича жарима солиш тушумни яшириш муаммосини ҳал қиладими? Йўқ! – деб ҳисоблайди Сергей ТЯН. – Poster халқаро компанияси статистикасига кўра, Ўзбекистонда умумий овқатланиш шохобчаларининг 70 фоизи ўз жараёнларини автоматлаштириш дастурларидан фойдаланмайди. Фақат 30 фоизи автоматлаштириш дастурларидан фойдаланади (R-keeper, iiko, Jowi, Poster ва бошқалар)”.

Татьяна СЕМИНА “Автоматлаштириш дастурларини солиқ органлари тизимлари билан интеграция қилиш ҳар қандай шаклда ҳисоб юритишни енгиллаштирмайди. Ҳисобда ушбу маълумотлардан фойдаланиш учун уларни синчковлик билан қайта ишлаш керак, деган фикрга қўшилади. – Ушбу ахборотнинг биринчи манбаси жуда кўп кераксиз ахборотни ўз ичига олади. Уни рисоладагидек аниқ ва ҳаққоний дейиш мумкин эмас. Ушбу дастурни солиқ органлари билан интеграция қилиш худди кимнингдир шахсий суҳбатини эшитиш кабидир. Асосийси, бу солиқчиларга нима учун кераклиги тушунарсиздир! Уларда нақд тушумни назорат қилиш учун жуда соз воситалар бор, улар эса бизнеснинг деярли барча ички жараёнларини мониторинг қилишмоқчи!”

 

Асосланмаган талаблар тадбиркорларнинг бизнес жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш истагини бутунлай сўндириши мумкин.

“Талай техник масалаларга дуч келяпмиз – деб эътиборни қаратади назорат-касса техникасига хизмат кўрсатиш соҳасидаги эксперт Рустам ЁҚУБОВ. – чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари жараёнларини автоматлаштириш дастурларини онлайн-НКМ ёки виртуал касса билан интеграция қилиш, назаримда, жуда тушунарсиз вазифадир. Ушбу маҳсулотларнинг ҳар бири тадбиркорлик субъекти фаолиятининг муайян участкасида ишлаш учун мўлжалланган. Онлайн-НКМ ёки виртуал касса билан интеграция қилиш қурилма онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга қўйиладиган талабларга мувофиқ келиши кераклигини англатади. Улар эса автоматлаштириш дастурларига қараганда анча юқори ва мураккабдир. Дастурга хизмат кўрсатиш мураккаблашади ва унинг қиймати ошади. Агар сиз онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг дастурига у ёки бу ўзгартиришни киритсангиз, “Yangi texnologiyalar” ИАМ ва Киберхавфсизлик марказининг ижобий хулосасини олишингиз керак. Бундай хулосани олиш вақт ва моддий харажатларни талаб қилади. Дастурчилар нуқтаи назаридан ҳам бундай дастурий комплексга хизмат кўрсатиш ва уни модернизация қилиш анча мураккабдир.

Яна бир жиҳат. Биз, техник хизмат кўрсатиш марказлари мутахассислари фискал маълумотлар операторидан назорат-касса техникаси маълумотлари ташқи сервердан ўтмаслигини кузатиш юзасидан доим огоҳлантириш оламиз. Бундай сервер ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш қисмида дастурнинг нормал ишида қўлланмаслигига кафолат қани? Бу қандай назорат қилинади? Деярли барча автоматлаштириш дастурлари серверлардан фойдаланади”.

 

Нима қилиш керак

Экспертлар яширин айланмани янада қисқартириш, солиқ ҳисобини автоматлаштириш ва касса чекларини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келтириш “велосипед ихтиро қилиш”ни талаб қилмайди деган ягона фикрни баён этишмоқда. Солиқчиларда амалга ошириш ва ривожлантириш лозим бўлган самарали чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилган.

Татьяна СЕМИНА: “Soliq мобиль иловасида рўйхатдан ўтказилган чеклар бўйича тўланадиган кешбэклар тизими ўзини ижобий жиҳатдан кўрсатди, деб ҳисоблайди. Агар ушбу тизим жорий этилгунга қадар даврни эсласак, деярли ҳеч ким касса чекини талаб қилмасди, мижозлар улар ҳақида эсламасди ҳам. Ҳозир аксарият ташриф буюрувчилар чекларни қатъий талаб қилишмоқда ва уларда смартфон орқали солиқ органларига чек берилмаганлиги ҳақида хабар юбориш имконияти борлигини эслатиб қўйишмоқда.

Тадбиркорларнинг ноқулай схемаларга эҳтиёжларини қолдирмайдиган шарт-шароитлар яратиш йўналишини давом эттириш лозим”.

“Вақт мобайнида текширилган бошқа усуллар ҳам мавжуд – деб қўшимча қилади Сергей ТЯН. – Бу сайёр солиқ текширувлари. Чек бермайдиган муассаса СКнинг 221-моддаси таъсири остига тушади. Чек бермасдан товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш 5 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Моддани чекда реализация қилинган товарлар ва хизматлар тўғрисида ҳаққоний бўлмаган ахборотни акс эттирганлик учун жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдириш мумкин”.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади