Нима учун умумий овқатланиш ва савдо тармоғида автоматлаштириш дастурлари низоларга сабаб бўлмоқда

preview

Солиқ органлари чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига хат йўллаб, унда Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомга асосан корхонанинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситаларини солиқ органларининг тизимлари билан интеграция қилиш бўйича нормага риоя қилиш заруриятини кўрсатишмоқда. Ҳуқуқбузарларга СКнинг 227-1-моддаси бўйича жарима солиш билан таҳдид қилишмоқда. 

Солиқ тўловчилар шунга эътиборни қаратишмоқдаки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар контекстида ушбу норма солиқ органлари талқин қилаётганлари ва қўллаётганлари каби унчалик аниқ кўринмаяпти. Бу низоларга олиб келмоқда.

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни назорат-касса техникасини ишлаб чиқиш ва унга хизмат кўрсатиш соҳасидаги мутахассис, “GAROV TARAQQIYOT NKM” МЧЖ таъсисчиси Владимир ГИБЕЛЬ шарҳлаб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Ҳисобга олишни автоматлаштириш дастурлари аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар учун фойдаланилмаяпти

– Умумий овқатланишда ҳисобга олишни автоматлаштириш учун асосан R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа дастурлардан фойдаланилади. Меҳмонхона хўжалигида – “Феликс” ва бошқалардан фойдаланилади. Чакана савдо учун ҳам шунга ўхшаш дастурлар мавжуд. Ушбу дастурлар фақатгина зарур ахборотни корхона участкалари ўртасида уларнинг ўзаро мос ишлаши учун синхронлаштиради. Официант буюртмани қабул қилди, ошпаз қандай таом тайёрланиши кераклигини кўрди, ошпаз таомни тайёрлади, официант кўрди, таомни олди, уни мижозга олиб борди ва ҳоказо. Яъни дастур мижозларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва жадаллаштириш учун корхона ходимлари ўртасидаги шундай локал алоқани таъминлайди. Боз устига, ушбу дастурларда солиқ ҳисоби учун керак бўлмаган кўп ахборот мавжуд.

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом  тадбиркорлар томонидан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун зарур бўлган қурилмалар ва дастурларнинг қўлланишини тартибга солади. Ушбу Низом ва унинг тасдиқланишига оид Вазирлар Маҳкамасининг қарори махсус дастурлар ёрдамида чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг ички жараёнларини бошқаришга қандай дахл қилади?

Мижоз томонидан харид учун тўлов бўйича солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган ва давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки берилади!

Тадбиркорлар ва экспертларнинг фикрини қуйидаги мақолада ҳам ўқинг – Савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги дастурларнинг солиқ органлари тизимлари билан интеграциялашуви.

 

Нима? Нима билан? Ва қандай интеграция қилинади?

СКнинг 227-1-моддаси солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни бузганлик учун санкцияни белгилайди. Бунда юқорида кўрсатилган маъмурчиликни автоматлаштириш дастурларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талаблар мавжуд эмас. Ушбу мураккаб ва кўп қиррали жиҳат бутунлай мансабдор шахсларга топшириб қўйилганлиги, талабларнинг ҳар бирини улар ўзларининг тушунишига қараб талқин қилишлари маълум бўладими?

Умумий овқатланиш ва савдо корхоналари солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган ва давлат реестрига киритилган, шунингдек солиқ органларида ушбу корхона номига лозим даражада рўйхатдан ўтказилган онлайн-НКМ ёки виртуал касса бўлиши керак. Бу қонунчиликда белгиланган талаб ва барча тадбиркорлар унга бўйсунишади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, аксарият тадбиркорлар ўзларининг маъмурчиликни автоматлаштириш дастурларининг солиқ органларининг тизимлари билан интеграция қилинмаганлигида СКнинг 227-1-моддаси бўйича жарима остига тушадиган ҳуқуқбузарликни кўришмаяпти. Ким ҳақ? Солиқ кодексига асосан барча низоли жиҳатлар ва ноаниқликлар тадбиркорнинг фойдасига талқин этилади. Демак, ушбу асосга кўра жарима солмасликлари керак.

СКнинг 227-1-моддасида шундай дейилади: “Фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш...”

Чакана савдо билан шуғулланадиган тадбиркорлар реестрга киритилган назорат-касса техникасидан фойдаланишлари шарт ва автоматлаштириш дастурлари улар жумласига кирмайди.

2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон ВМҚда белгиланган атамаларга мурожаат қиламиз. Ушбу НҲҲда онлайн назорат-касса машиналари (онлайн-НКМ), виртуал кассалар, фискал модуль, фискал маълумотлар, фискал белгининг аниқ таърифи берилган.

Тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган онлайн-НКТга эга бўлиши шарт. Онлайн-НКТ:

  • онлайн-НКМ чекида акс эттириладиган фискал белгини шакллантирадиган фискал модулга эга бўлиши;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган бўлиши керак.

Чакана савдони амалга оширувчи барча тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассага эга бўлиб, улар тўғрисидаги тушунча қонун ҳужжатларида аниқ тартибга солинган. Автоматлаштириш дастурлари ҳақида эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бир оғиз сўз айтилмаган. СКнинг 227-1-моддаси нормаси муаллифлари “автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари (ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар)” ибораси остида нимани назарда тутганликларини қандай тушуниш мумкин. Агар “Метрология тўғрисида”ги Қонунга мурожаат қилсак, ҳеч бир маъмурчиликни автоматлаштириш дастури ҳисобга олиш ўлчов воситалари тушунчасига кирмайди ва ҳатто ўлчов воситаларига нисбатан белгиланган талабларга мувофиқ келмайди.

 

Нима тўғрироқ: интеграция мавжуд эмаслиги ёки чек берилмаганлиги учун жарима?

Шуни таъкидлайманки, СКнинг 227-1-моддаси – умумий овқатланиш ва савдо корхоналарига нисбатан қўлланадиган энг қатъий модда. Агар онлайн-НКТнинг барча жиҳозлари, маҳсулотда фискал белги ва рақамли маркировкалаш мавжуд бўлса ва тўғри ўрнатилган бўлса, ушбу моддани қўллаш ноқонуний бўлади! Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар барча чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида мавжуд. Агар ундан фойдаланилмаётган бўлса, у ҳолда ушбу ҳуқуқбузарлик СКнинг 227-1-моддаси бўйича эмас, балки СКнинг 221-моддаси бўйича жарима билан жазоланади.

Муҳокама қилинаётган автоматлаштириш дастурлари қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ҳисоби ва ҳисоботини юритиш учун жиҳозлар ва дастурлар жумласига кирмайди, акс ҳолда барчанинг қўллаши учун мажбурий бўларди. Агар бундай бўлмаса, ушбу дастурлардан фойдаланаётганлар учун дастурларни интеграция қилиш тўғрисида талабни қўллаш асоссиз эканлиги маълум бўлади, шу билан бирга ушбу дастурлардан умуман фойдаланмайдиган корхоналар ҳам мавжуд.

Шу боис, маъмурчиликни автоматлаштириш дастурларини солиқ органларининг тизимлари билан интеграция қилиш тўғрисидаги талабни “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунни бузган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятига аралашиш сифатида баҳолаш мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади