Нима учун онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказиш чўзилиб кетмоқда

preview

“2 кун аввал барча ҳужжатларни ТХКМга топширдик, бироқ ҳануз онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказишни кутаяпмиз ва савдо қилишни бошлай олмаяпмиз. ТХКМ ходимлари ҳужжатлар жойида, кечикишда бизнинг айбимиз йўқ, деб жавоб беришмоқда. Бир таниш тадбиркор ҳужжатларга савдо шохобчасининг фотосуратини илова қилиш лозим, шунда онлайн-НКМни тезроқ рўйхатдан ўтказишларини айтди. Аммо ТХКМда айтишларича, фотосурат керак эмас”.

Онлайн-НКТга хизмат кўрсатиш соҳасида эксперт, “GAROV TARAQQIYOT NKM” МЧЖ таъсисчиси Владимир ГИБЕЛЬ buxgalter.uz ўқувчилари учун вазият юзасидан ўзининг профессионал қараши билан ўртоқлашди:

 

Экспертларнинг жавобларини ўтказиб юборманг – бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Тадбиркор кечикишнинг сабаби ТХКМда деб ҳисоблайди. Аммо ТХКМ ҳам аппаратингизни пулли хизмат кўрсатишга қабул қилиш учун уни тезроқ рўйхатдан ўтказишдан манфаатдордир.

ТХКМ ходимлари тадбиркордан барча ҳужжатларни қабул қилиб олгач, ҳужжатларни махсус ахборот тизимида рўйхатдан ўтказадилар. Одатда, улар Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандида ажратилган 4 иш соатида улгуришади.

Шундан сўнг аризани солиқ хизмати инспектори маъқуллаши керак. Бунга солиқчиларга Низомга асосан  махсус ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилгандан кейин 8 иш соати ажратилади. Сўнгги вақтларда ариза қабул қилинишини 3 кун ва ундан ортиқ муддат кутишга тўғри келмоқда. Бу ҳатто Низомнинг 19-бандида аризадаги маълумотларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқиш учун тақдим этилган муддатдан (1 иш куни) ҳам кўп. Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги шубҳа уйғотган тақдирда бундай текширув ўтказилиши мумкин. Солиқ қўмитаси ушбу муддатларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириши мақсадга мувофиқ бўлади.

Солиқчилар фақат қуйидаги асосларга кўра рўйхатдан ўтказишни рад этишлари мумкин :

  • онлайн-НКМ ёки виртуал кассани рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тадбиркорлик субъекти томонидан тўлиқ тақдим этилмаганда;
  • тадбиркорлик субъектлари тақдим этган маълумотларда номутаносибликлар аниқланиб, улар тасдиқланганда;
  • Давлат реестрига киритилмаган онлайн-НКМ ёки виртуал касса маълумотлари кўрсатилганда.

Баъзан кечикиш шу билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо шундай ҳолларда бундай кечикиш муддатлари Низомнинг 22-бандида тартибга солинган ва 1 иш кунидан кўп бўлмаган муддатни ташкил этади. Бунда шу муддат мобайнида рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда электрон тарзда ТХКМга ҳамда my.soliq.uzдаги тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинетига хабарнома юборилиши керак.

Савдо шохобчасининг фотосуратига келсак, ҳақиқатан уларни ҳужжатларга бириктириш керак эмас. Онлайн-НКМни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати Низомнинг 16-бандида белгиланган. Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъий тақиқланади.

Рўйхатдан ўтказиш учун аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • турғун шохобча (кўчма савдо объекти) мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари (бино-иншоотнинг ёки унинг қисмининг ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжатлари);
  • онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашга ТХКМ билан тузилган шартноманинг нусхаси;
  • турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси (кўчма савдо объекти) манзилининг харитадаги координатаси.

Агар сизда савдо шохобчалари кўп бўлса, юридик шахснинг номига рўйхатдан ўтказилган кассаларни қандай текшириш мумкин.

Ҳар қандай кечикиш ва солиқ органининг ноқонуний ҳаракатлари устидан тадбиркор юқори турувчи солиқ органига ёки суд орқали мурожаат қилган ҳолда шикоят қилиши мумкин. Аммо, одатда, тадбиркорлар бундай қилишмайди, сабаби бундай мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ҳар доим янада узоқроқ бўлиши маълум бўлади.

Шу билан бирга, онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказишни кечиктириш масаласи ҳал қилинишини талаб қилади. Тадбиркорлар улар онлайн-касса техникасисиз ишлашга ҳақли эмасликларидан  норозилар. Улар фойдани тўлиқ олишмайди ва бекор туриб қолишдан зарар кўришади.

Солиқ инспекторларини ҳам тушунаман. Бундай кечикишлар, афтидан, улар бошқа иш билан бандлиги туфайли содир бўлади.

 

Нима таклиф қиламиз

Ҳужжатларни автоматик тарзда кўриб чиқишни жорий этиш муаммонинг ечими бўлиши мумкин. Солиқ органларининг ходими аризани белгиланган 8 соатда кўриб чиқмаган тақдирда у автоматик тарзда тасдиқланадиган ва тадбиркор ўрнатилган касса билан ишлаши мумкин бўлган нормани белгилаш мумкин.

Асослар мавжуд бўлган тақдирда солиқчиларда тадбиркорлик субъектини сайёр текширувдан ўтказиш учун ҳар доим ҳуқуқ бўлади.

 

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади