Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш рад этилишига қай тарзда муносабат билдириш лозим

preview

Сиз 2023 йил учун жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни my3.soliq.uzдаги шахсий кабинетдан юборган бўлсангиз – декларацияни кўриб чиқиш ҳолатини текширинг. Солиқ қўмитаси рад этиш амалиётини жорий этди.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси, “Tax Consensus” СМТ директори Ирода АББОСХОНОВА шарҳлаб берди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Солиқ органининг декларацияни қабул қилишда рад этиш бўйича ҳаракати Солиқ кодексининг талабларига мувофиқ келмайди. Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас . Яъни декларация ҳар қандай ҳолатда қабул қилиниши керак.

Солиқ органининг мутахассислари томонидан солиқ тўловчи тақдим этган жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда солиқ суммасининг камайишига олиб келувчи хатолар аниқланган тақдирда, улар аниқланган хатолар тўғрисида солиқ тўловчига билдириш хати юбориши керак . Хабарномада айнан қандай хатога йўл қўйилганлиги кўрсатилади.

Солиқ органининг хабарномасини олган солиқ тўловчи олинган кундан эътиборан 10 кун ичида жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга зарур бўлган ўзгартиришларни киритиши шарт . Яъни, янги эмас, балки аниқлаштирилган декларация тақдим этилади – агар солиқ тўловчи солиқчиларнинг далилларига рози бўлса, албатта. Аниқлаштирилган декларация тақдим этилган тақдирда тўланган солиқ билан аниқлаштирилган декларация бўйича солиқ ўртасидаги фарқни 1 июнга қадар қўшимча тўлаш лозим .

Декларацияда солиқ суммасининг камайишига олиб келмайдиган хатолар аниқланган тақдирда солиқ органи аниқланган хатолар тўғрисида солиқ тўловчига билдириш хати юбориши шарт эмас.

Солиқ тўловчига декларацияни қабул қилиш рад этилганда у қай тарзда муносабат билдириши кераклиги тушунарсиз. Декларацияни қайта топшириши керакми? Бундай имконият Солиқ кодексида ёзилмаган. Боз устига, қайта топшириш муаммони ҳал қилмайди, сабаби солиқ тўловчи хато нимада эканлигини тушунмайди. У хатони мустақил равишда тополмайди, демак, “янги” декларацияни топширишда вазият такрорланади.

Вазиятдан чиқишнинг ягона тўғри йўли – солиқчилар Солиқ кодексига мувофиқ ишлашлари керак.