Қарор лойиҳаси: яширин иқтисодиётга қарши курашиш унинг ўсишига қандай кўмаклашиши мумкин

preview

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ОАВда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар – ССП ва Солиқ қўмитаси жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ҳужжатни қайта ишлашга ваъда беришди. Сўнгра у муҳокама қилиш учун regulation.gov.uz порталида эълон қилинади.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА муҳокамада бизнеснинг кўпроқ вакиллари иштирок этиши муҳим деб ҳисоблайди.

 

Қонун ҳужжатлари янгиликларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Ҳужжат кўпчиликка дахл қилади. Ҳозирнинг ўзида унинг хом эканлиги ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қайта ишлашга муҳтожлиги шубҳасиздир. Акс ҳолда ҳаммаси яширин иқтисодиётнинг қисқариши билан эмас, балки унинг ўсиши, ишчанлик муҳитининг ёмонлашиши билан тугаши мумкин.

 

Жисмоний шахсларнинг картасидан картага тўловлар

Товарлар ва хизматлар учун жисмоний шахсларнинг картасидан картага тўловларни тартибга солиш учун Марказий банк ва Солиқ қўмитасига улар муайян лимитдан ошган тақдирда бундай транзакциялар тўғрисида ахборот билан ўзаро алмашиш тўғрисида меморандумни имзолаш таклиф этилмоқда. Жисмоний шахслар учун чегара йилига 100 млн сўм, тадбиркорлар учун эса – йилига 500 млн сўм миқдорида белгиланиши мумкин.

Ғоя янги эмас. 2020 ва 2023 йилларда моҳиятига кўра шунга ўхшаш ҳужжатлар лойиҳалари таклиф этилганди, бироқ меъёрлари ҳаётга татбиқ этилмай қолиб кетган. Хусусан, 2023 йил 1 майдан бошлаб тўлов ташкилотлари зиммасига жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмалар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тузиш мажбурияти юклатилган. Аммо тез орада жамоатчиликнинг салбий муносабатидан кейин меъёрни бекор қилишган.

2024 йилдаги таклиф – солиқчиларнинг банк карталари орқали жисмоний шахсларнинг ҳисоб-китоблари устидан назорат ўрнатиш борасидаги учинчи уриниши. Ўйлайманки, эртами-кечми солиқчилар ўз мақсадига эришади.

Тегишли қарорни қабул қилишда қонун чиқарувчилар Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига  мувофиқ ҳозир бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида амалга ошириладиган операциялар кузатиб борилаётганлигини инобатга олишлари лозим, хусусан:

  • картага битта ёки бир нечта картадан (кармондан) БҲМнинг 500 бараваридан ошадиган сумманинг келиб тушиши;
  • мобиль илова орқали 5 та ёки ундан ортиқ карталардан (кармонлардан) битта хорижий кармонга пул ўтказилиши ёки битта хорижий кармондан 5 та ёки ундан ортиқ карталарга (кармонларга) пул келиб тушиши;
  • мобиль илова орқали картадан (кармондан) 5 та ёки ундан ортиқ хорижий карталарга (кармонларга) пул ўтказиш ёки картага 5 та ёки ундан ортиқ хорижий карталардан (кармонлардан)  пул келиб тушиши.

Назаримда, солиқчилар ташаббусини ушбу меъёрни ривожлантирган ҳолда амалга ошириш лозим, сабаби у одатий меъёрга айланган. Яна битта қўшимча назорат қилиш тизимини яратиш пировардида шунга олиб келиши мумкинки, бизнес ўз вазифаларини назорат қилиш мураккаб бўлган нақд ва бошқа ҳисоб-китоб усулларидан фойдаланган ҳолда сояда ҳал қилишга уринади.

 

Нақд шаклда тўлашда кэшбекни бекор қилиш

Ишлаб чиқилаётган комплекс чора-тадбирлардаги бошқа шубҳали ташаббус – тўлов нақд шаклда амалга оширилган тақдирда фискал чекларни рўйхатдан ўтказишда солиқ кэшбеки тўлашни бекор қилиш. Нақдсиз шаклда тўлов амалга оширилганда тўлов суммасини ҳозирги 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш таклиф этилмоқда.

Таклиф этилаётган янгилик нақд пул орқали ҳисоб-китоблар бўйича чекларга аҳолининг қизиқишини пасайишига ва нақд пулнинг солиқлардан қочиш воситаси сифатидаги позициясининг мустаҳкамланишига кўмаклашади. Карталар бўйича ҳисоб-китоблар учун кэшбекнинг ошиши ҳисоб-китобларнинг ушбу шаклининг жозибадорлигига кўмаклашиши амри маҳол, сабаби:

  • ундан фойдаланиш мумкин бўлган жойда, одатда, у ҳар доим қимматроқ;
  • кэшбек суммаси барибир ҳисоб-китобларнинг ушбу шаклини анча жозибадор қилиш учун унчалик катта эмас.

Касса чеки – солиқчилар ва давлат нақд шаклдаги ҳисоб-китоблар тўғрисида тезкор ахборот олишининг ягона усули эканлигини эътибордан қочириш лозим эмас. Давлатда карталар бўйича ҳисоб-китоблар тўғрисида ахборот мавжуд, сабаби уларнинг барчаси банклар орқали ўтади. Тўғри, касса аппарати мавжуд бўлмаган тақдирда солиқчилар улардан фойдалана олишмайди.

Шубҳасиз, кэшбек тизимини харидорлар ҳамда товарлар ва хизматлар сотувчилари ўртасидаги ҳисоб-китобнинг барча шакллари учун сақлаб қолиш манфаатлироқдир. Агар тўловлар миқдорини ошириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилса, буни карталар бўйича ҳисоб-китоблар ҳамда нақд пул билан ҳисоб-китоблар учун амалга ошириш лозим.

 

Бюджет ташкилотлари ходимлари ва йирик солиқ тўловчилар ходимларининг иш ҳақини картага ўтказиш

Учинчи ташаббус – иш ҳақини фақат бюджет ташкилотлари, шу жумладан ОТМ ва йирик солиқ тўловчилар ходимлари, шунингдек ҳарбий хизматчиларнинг картасига ўтказиш йўли билан бериш. Бу ҳолда ушбу суммаларни нақдлаштириш учун харажатларни компенсация қилиш учун иш ҳақини ошириш ҳақида ҳам ўйлаш керак. Акс ҳолда ушбу меъёр харажатларни сунъий оширишга айланади ва мамлакат аҳолисининг бой бўлмаган қисмига зиён келтиради.

Ҳеч бўлмаганда бизда деҳқон бозорлари оммабоп бўлганлиги учун ҳам аҳолига нақд пул зарур. Бу ерда маҳсулотларни танлаш имконияти кенгроқ, кўпинча улар дўкондагига қараганда янги узилган бўлади ва уни анча ҳамёнбоп нархда сотиб олиш мумкин бўлади.

 

Товарларни, хизматларни сотиш бўйича йирик битимлар фақат нақдсиз шаклда

Бошқа иккита ташаббуснинг ҳам самараси камроқдек туюлади:

  • кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини сотишни фақат нақдсиз ҳисоб-китоб асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда;
  • агар товар ва хизматнинг нархи 3 000 АҚШ долларидан ошса, бунда ҳам тўловни фақат нақдсиз шаклда амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Бундай тартиб, башарти жорий этилса, иккита нарх: бири расмий – солиқ органлари учун; иккинчиси – харидор сотувчига тўлаши лозим бўлган ҳақиқий нарх белгиланган товарлар ва хизматларнинг ошишига кўмаклашади. Бунда расмий нарх чегирилган ҳақиқий нархни нақд шаклда тўлаш анча жозибадор бўлади. Трансферт нархини белгилаш меъёрлари ҳам ёрдам бермайди – ҳужжатларда камроқ ҳажмларни кўрсатишга интилишади.

 

Назаримда, самарадорлиги шубҳа остида бўлган меъёрларни деб одатдаги ҳисоб-китоблар схемаларини бузиш мақсадга мувофиқ эмас. Буларнинг барчаси пировардида бизнеснинг ривожланишига салбий таъсир қилади.

Ушбу НҲҲни қабул қилишга шошилиш керак эмас, эртага тузатишлар киритишга тўғри келмаслиги учун ҳаммасини яхшилаб ўйлаш ва пухта такомиллаштириш лозим.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади